Буғдой трипси (Нaplothrips tritici)
Umumiy ta'rif
Буғдой трипси Arthropoda типи, Haplothrips авлодига мансуб. Етук зот трипснинг бўйи: эркагиники 1,2-1,3 мм, урғочисиники – 1,8-2,2 мм келади. Танаси ингичка, танасининг сўнгги сегменти найсимон чўзилиб, орқа учи сал торайган; трипс олд кўкрагининг орқа томони кенгайган, қанотида томирлар йўқ, олдинги қанотининг ўрта қисми бошқа трипсларники сингари сал торайган; қанотининг четларида ҳошияси бор; мўйлови саккиз бўғимли. Етук зот трипснинг танаси қора ёки тўқ қўнғир тусда, мўйловининг учинчи бўғини оқиш, учи сал қўнғир бўлади. Тухуми оч-бинафша рангида, чўзиқ-овал шаклда, 0,5-0,6 мм катталикда бўлади. Личинкасининг эса ранги оч қизил тусда бўлиб, танаси ингичка; мўйлови етти бўғимли; сўнгги ёшдаги личинканинг мўйлови орқа томонга қайрилган; қорнининг сўнгги сегментида ўрнашган йирик қилча шу сегментдан қисқа бўлади. Хаёт кечириши. Буғдой трипси личинкалик даврида ўсимлик қолдиқларида, тупроқ кесаклари остида ва ер ёриқларида қишлайди. Эрта баҳорда ҳарорат 8° дан ошгач личинкалар уйғона бошлайди. Ер сатҳи турлича қизиши туфайли бу муддат узоққа чўзилади. Личинкалар қўшимча озиқланиб пронимфа ва нимфа даврларини ўтайди. Вояга етган трипслар апрель бошларида чиқа бошлайди. Лекин бу жараён узоққа чўзилиб энг кўп етук трипс чиқиши май ойининг ўрталарига, яъни буғдой бошоқлаш даврига тўғри келади. Бунда трипслар бошоққа ёпирилади ва уни санчиб сўриб шикастлайди. Баъзи бир вақтда трипснинг кўплигидан бошоқлар қора бўлиб туйилади. Шундан сўнг трипслар урчиб тухум қўйишга киришади. Тухумни ҳар бир урғочи зот 4-8 тадан тўп-тўп қилиб (ёки биттадан) бошоқ бандига, ёки дон қобиғига қўяди. Етук зотларни пайдо бўлиш муддати чўзилганлиги сабабли тухум қўйиш ҳам 25-35 кунга чўзилиши мумкин. Ҳар бир зот ҳаммаси бўлиб 25 тагача тухум қўяди. Тухумлар 6-8 кун ривожланади. Тухумдан чиққан личинкалар даставвал яшил-сарғиш бўлиб кейинчалик қизара бошлайди; биринчи пўст ташлашдан кейин эса қизғиш тусга эга бўлади.
Agrotexnik qarshi kurashish chorasi
Ғалланинг чидамлилигини оширадиган чора-тадбирлар (ўғитлаш, суғориш) трипс зарарини пасайишига ёрдам беради ва дала атрофини бегона ўтлардан тозалаш лозим. Дала қирғоқларидаги тут ва бошқа дарахтларни эгилган шох-шаббаларини кесиб, дарахт тагларини очиш. Дала қирғоқларидаги, йўл ва ариқ зовур бўйларидаги бегона ўт қолдиқларини февраль-март ойларида йўқ қилиш чораларини кўриш. Ғалла майдонларига апрель ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб гектарига 500-1000 тадан олтинкўзни 2-3 марта қўллаш. Буғдойни трипсга чидамлилигини ошириш мақсадида камида 2 марта минерал ўғитлар суспензияси (Вуксал гектарига 0,6-1,0 литр) сепишни ташкил этиш. Шира ва трипслар ривожланиб тарқаладиган ўчоқ майдонларда мавсум давомида доимо бегона ўтларни йўқ қилиб борилиши шарт.
Biologik qarshi kurashish chorasi
Буғдой трипсига қарши олтинкўз энтомофагининг 3-4 кунлик тухумларидан 1:10, 1:20 нисбатларида 10 кун оралатиб 2 марта чиқарилади. Зарурият бўлган майдонларга олтинкўз тухумидан 500-1000 тагача чиқариш давом эттирилади.
Kimyoviy qarshi kurashish chorasi
Ғаллада 1 та зарарланган пояда трипснинг етук зараркунанда сони 8-10 тадан кўп бўлса, кузги буғдой бошоқларида 15-20 та, баҳорги буғдойда 30-40 та личинка ва етук зараркунанда бўлганида гектарига Энтолучо (0,3 л), Энтоспилан (0,25кг), Делтасис (0,25 л), Энтометрин (0,3-0,5 л), Агрофос-Д (1,0 л), Би-58 янги (1,5 л) препаратлардан бири билан ишлов ўтказиш лозим. ГРАНД-ТЕ 5% с.э. дан 0.2-0.25 л /га (таъсир этувчи модд. Лямбдацигалотрин) тавсия этилади.